shkolakz.ru 1
Шайх Саид Қаҳтоний


 

Қуръон ва суннат асосида ҳаж ва умра қилиш

 

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий



Яратган ва дунёю охират бахт-саодатига кафил бўлувчи ибодатларни бандаларига фарз қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва Унинг бутун оламга раҳмат қилиб юборилган сўнгги пайғамбарига салавоту саломлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шариатида баён қилган ибодатлардан бири ҳаж ва умрадир.

 

Ҳаж ва умранинг фазилатлари

Бу ибодатлар банданинг гуноҳлардан покланиши учун катта синовдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бу Уйга келиб, ёмон сўзларни сўзламаса ва фосиқлик қилмаса, онасидан янги туғилган кунидаги каби (уйига) қайтади», дедилар (Имом Муслим, 2/ 983; «Саҳиҳут-Термизий», 1/ 245).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Ос разияллоҳу анҳуга: «...Ҳажнинг хам ўзидан аввалги нарса (гуноҳ)ларни йўқотишини билмай-санми?!», дедилар (Имом Муслим, 1/ 112).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қайси амал энг афзал?» деб сўралганида: «Аллоҳ ва расулига иймон келтириш»,«Кейинчи?», деб берил-ган саволга: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод», «Кейинчи?», деб берилган саволга эса: «Мабрур (яъни, Аллоҳ тарафидан бекаму-кўст қабул қилинган) ҳаж», деб жа-воб берганлари нақл қилинган (Фатҳул-Борий», 3/ 381).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умра ва ҳажни бирин-кетин қилингиз! Чунки ҳаж ила умра фақирлик ва гуноҳларни худди босқон олтин ва кумуш устидаги кирларни кетказганидек йўқотиб ташлайди. Мабрур ҳаж-нинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир» (Насоий, Термизий, ибн Можа, имом Аҳмад ва бошқалар ривоят  қилдилар. Аллома Албоний «Саҳиҳу ибн Можа» китобида бу ҳадиснинг саҳиҳ-соғлом эканини баён қилди, 2/ 553).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг карвони учтадир: ғозийлар, ҳожилар ва умра қилувчилар», дедилар» (Аллома Албоний, «Саҳиҳун-Насоий», 2/ 557; «Саҳиҳул-Жомеъ», 6/ 108да бу ҳадиснинг саҳиҳ-соғлом эканини баён қилган).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқувчилар, ҳаж ва умра қилувчилар Аллоҳнинг карвонларидир. Аллоҳ уларни чақирди, улар чақириққа итоат қилиб келдилар. Улар ҳам Ундан тиладилар ва У ҳам уларнинг тилакларини берди» (Ибн Ҳиббон, ибн Можа ва бошқалар ривоят қилдилар. Аллома Албоний «Саҳиҳу ибн Можа», 2/ 149 ва «ал-Аҳадисус-Саҳиҳа», 4/ 433 да бу ҳадиснинг саҳиҳ-соғлом эканини баён қилди).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳнинг Арафа кунидаги каби жаҳаннамда азоблаётган қулларини озод қиладиган бошқа бир кун йўқдир. У кунда Аллоҳ жуда ҳам яқин келади ва ҳаж қилаётган бандаларини фаришталарга мақтаб: «Улар (дуо қилиб) нималарни тилади-лар?», дейди» (Имом Муслим ривояти, 2/ 983).

 

Ҳаж аҳкомлари

 Ҳаж – Аллоҳ таолонинг Китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ва умматнинг ижмоъси билан фарз бўлган ибодатдир.

Аллоҳ таоло Қуръон Каримда деди:

«... Каъбани ҳаж (қасд) қилиш - йўлига қодир бўлган одамлар зиммасидаги Аллоҳнинг ҳаққи-дир...» (Оли Имрон: 97).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Ислом беш нарса асосига қурилган: ... ҳаж қилиш» (Имом Бухорий ривояти, «Фатҳул-Борий», 1/ 49; Имом Муслим ривояти: 1/ 45).

Оиша разияллоҳу анҳонинг: «Эй Аллоҳнинг расули, хотин-қизларнинг ҳам жиҳод қилиш мажбуриятлари борми?», деб берган саволларига Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, улар-нинг уруши бўлмаган жиҳод қилиш мажбурият-лари бор. У – ҳаж ва умрадир», деб жавоб бердилар (Ибн Можа ва имом Аҳмад ривоятлари: «ал-Муснад, 6/ 156. Аллома Албоний бу ҳадисни «Саҳиҳу ибн Можа» китобида саҳиҳ-соғлом эканини баён қилди, 2/ 151).

Ислом уммати ҳажнинг шаръий ибодат эканига ижмоъ қилган.

 

Ҳажнинг шартлари

Ҳаж ва умра беш шартга эга бўлган одамлар учун ҳаётлари давомида бир марта фарздир.


Биринчи шарт: мусулмонлик.

Чунки Аллоҳ таоло: «Мушриклар нажас-ифлос-дирлар ва бу йилдан сўнгра Масжидул-Ҳаромга яқинлашмасинлар», деб амр қилган (Тавба: 28).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр разияллоҳу анҳуни амир қилиб ҳаж қилиш учун юборган гуруҳ ичида мени: «Бу йилдан сўнгра ҳеч бир мушрик ҳаж қила олмас ва Байтуллоҳни яланғоч одам тавоф эта олмас!»,деб эълон қилишим учун юбордилар» («Фатҳул-Борий», 3/ 483; Имом Муслим ривояти, 2/ 982; Нававий шарҳи, 9/ 115).

Иккинчи шарт: ақлли бўлиш.

Бошқа ибодатларда бўлгани каби ҳажда ҳам, банданинг ақлли бўлиши шарт қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қалам уч кишидан кўтарилган (яъни уларга гуноҳ йўқдир): ақли кетган ақлсиз ҳушига келгунига қадар, ухлаган уйғонгунича ва бола балоғат ёшига етгунига қадар» («Сунан» муаллифлари ва имом Аҳмад ривоят қилдилар. Аллома Албоний хам бу ҳадиснинг саҳиҳ эканини баён қилган. «Ирваул-Ғалил», 3/ 3-7).

Учинчи шарт: балоғат ёшига етиш.

Балоғат ёшига етмаган болаларга ҳаж қилиш фарз эмас. Бирок, ҳаж қилсалар ота-оналарига савоб ёзилади. Бир хотин қўлидаги боласини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрсатиб: «Бунинг ҳажи ҳаж бўладими?», деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, сен учун ҳам савоб бўлади», деб жавоб бердилар («Фатҳул-Борий», 4/ 71; Имом Муслим: 2/ 974).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бирон бир бола ҳаж қилса, балоғат ёшига етга-нидан сўнг ҳаж қилиши фарздир. Бирон бир қул ҳаж қилса, озодликка (эришиб, хур бўлганидан сўнгра) ҳаж қилиши фарздир» (Фатҳул-Борий»: 4/ 71; «Ирваул-Ғалил»: 4/ 156).

Тўртинчи шарт: тўла эркинлик.

Қул ва чўрига ҳаж қилиш фарз эмас. Ҳаж қилса, ҳажи дуруст бўлади, аммо фарз қилинган ибодат ўрнига ўтмайди. Юқоридаги ҳадис бунга далилдир.


Бешинчи шарт: имконли бўлиш.

Ҳаж - ҳаж ибодатлари адо этиладиган ўринларга бориш имкони бўлган кишилар учунгина фарздир. Йўллари нотинч, ҳаж қилишга етарли молу-мулки бўлмаган одамларга ҳаж қилиш фарз эмас.

Хотин-қизлар учун қўшимча яна бир шарт бор. У – маҳрамларининг бўлишидир. Маҳрамлари – уларнинг оталари, ака-укалари, тоғалари, амакилари, ўғиллари, эркак набиралари ва эрларидир. Бу шарт, одамлар билан бир гуруҳ ичида бориб-келишларига қарамай, гарчи улар ўртасида хотин-қизлар кўп бўлса ҳам, соқит бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳеч бир эркак аёллар билан, уларнинг маҳрамлари бўлмаса, сафарга чиқмасин. Аёллар фақатгина маҳрами билангина сафар қиладилар» («Фатҳул-Борий», 6/ 143; Имом Муслим ривояти, 3/ 978).

Шуни ҳам эслатишимиз керакки, агар аёллар маҳрамсиз ҳаж қилсалар, ҳажлари фарз ҳаж ўрнига ўтади. Бироқ, улар маҳрамсиз ҳаж қилганлари учун гуноҳкор бўладилар.

Мазкур беш шартни ўзида топган ҳар бир одам вақтни бой бермай ҳаж қилишга шошилиши керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз бўлган ҳажни кўзда тутиб: «Ҳаж қилиш учун шоши-лингиз! Чунки сизларнинг ҳеч бирингиз нималар-га дуч келишингизни билмайсиз», дедилар (Имом Аҳмад ривояти, 1/ 14; Аллома Албоний, «Ирваул-Ғалил», 4/ 168; «Саҳиҳу Аби Довуд», 1/ 325; «Саҳиҳу ибн Можа», 2/ 147).

Умар разияллоҳу анҳудан нақл қилинади. У зот дедилар: «Шу ўлкаларга баъзи одамларни юборсам ва улар имкони бўла туриб ҳаж қилмаётган ким-саларни аниқлаб, уларга жизъя-солиқ белгилаш-ларини қасд қилдим. Ундай одамлар мусулмон эмаслар, улар мусулмон эмаслар» (Ибн Ҳажар, «ат-Талхисул-Хабир», 2/ 223).

У зотдан қуйидаги хабар ҳам нақл қилинган: «Имкони бор, йўллари хавфсиз ва тўла ҳуррият соҳиби бўла туриб ҳаж қилмаган одам хоҳласа яху-дий, хоҳласа насроний (христиан) бўлиб ўлсин!» (Байҳақий, «ас-Сунан ал-Кубро, 4/ 334; Ибн Ҳажар, «ат-Талхисул-Хабир», 2/ 223).


 

Ҳаж қилиш учун ваколат бериш

Касаллиги, ўта қарилиги ёки бошқа бир сабаб билан ҳаж қила олмайдиган одамлар ҳаж қилиш вако-латини бошқаларга беришлари мумкин. Ҳажжатул-вадоъда отаси кексалиги туфайли ҳаж қила олмагани-ни айтиб, унинг номидан ҳаж қилишни истаган бир аёлга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг ўрнига ҳаж қилавер!», деган эдилар (Имом Муслим ривояти, 2/ 974).

Ваколат билан ҳаж қиладиган одам Аллоҳдан қўрқувчи ҳамда ҳаж ва умра аҳкомларини яхши билган бўлиши керак. Бундан ташқари, у ҳаж ваколатини берган одамнинг мажбуриятини адо этаётганини тўла ҳис этиши керак.

 

Ҳаж ва умра қилувчиларга лозим бўлган одоблардан:

1.     Аллоҳ таолодан сафарининг хайрли бўлишини сўраш.

2.     Ҳаж ва умра ибодатини фақат Аллоҳ таоло учунгина қилиш. «Ҳожи» ёки «умра қилиб келган» деган унвонларни олиб, халқ ичида обрў-эътибор қозониш учун қилинган мазкур ибодатлар Аллоҳ ҳузурида қабул бўлмайди.

3.     Ҳаж ва умра аҳкомларини ўрганиш.

4.     Ҳаж ва умрани ҳалол маблағ билан қилиш. Чунки ҳаром луқма еб қилинган дуо Аллоҳ таоло тарафидан қабул қилинмайди, балки«ҳаром нарсаларни еган мускул (бадан) жаҳаннамга киришга лойиқдир» (Аллома Албоний, «Сахихул-Жомеъ»: 4/ 172)

5.     Васият ёзиб қолдириш.

6.     Сафарга солиҳ инсонлар ҳамроҳлигида чиқиш.

7.     Уйдан чиқиш, уловга миниш ва сафарга йўл олиш пайтида ўқиладиган дуоларни ўқиш.

8.     Сафар давомида кўп дуолар қилиш.

9.     Барча фарзларни лойиқ бўлганидек адо этиш. 

10.  Ҳаж ва умра қилиш асносида гўзал ахлоқли бўлиш.

11.  Ибодатларни қилиб бўлганидан сўнг имкон қадар тезроқ оиласи ҳузурига қайтиш ва бошқалар.

 

Умра ва ҳажнинг мийқотлари

Мийқот – ҳаж ва умра учун махсус кийим – эҳром боғлаш керак бўлган ўрин бўлиб, ундан ўтиб, эҳромсиз ҳолда юрган ҳожи ва умрачилар гуноҳкор бўлади. Улар қуйидагилар:


1.     Зул-Хулайфа.

Зул-Хулайфа – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадина шаҳридаги масжидларидан 13 км, Маккадан эса 420 км узоқликдаги жойдир. Мадиналиклар ва Мадина орқали ҳаж қилувчилар шу ердан эҳром боғлайдилар.

2.     ал-Жуҳфа

ал-Жуҳфа – Шом (Сурия) тарафидан келганлар эҳром боғлайдиган жой бўлиб, Макка шаҳридан 208 км узоқликдадир.

3.     Қарнул-маназил

Қарнул-маназил – Макка шаҳридан 78 км олисда бўлиб, Нажд, Эрон, Ироқ ва Кўрфаз аҳолиси хамда у ердан ўтаётган одамлар эҳром боғлайдиган жойдир.

4.     Яламлам

Яламлам – яманликлар эҳром боғлайдиган ва Макка шаҳридан 120 км олисда бўлган жойдир.

5.     Затул-Ирқ

Затул-Ирқ – Макканинг шарқида жойлашган ва ундан 100 км узоқликда бўлган жойдир.

Мазкур мийқотлардан ўтаётган, ҳаж ва умра ниятида бўлган барча одамлар бу ерларда эҳром боғлашлари фарздир.

Мийқотдан эҳром киймай ўтиб кетган одамлар ортларига қайтишлари ва мийқотда эҳром боғлашлари керак. Агар мийқотга қайтмасалар, бунинг жаримасига бир қўй сўйишлари лозим бўлади.

 

Эҳром

Эҳром – ҳаж ёки умра қиладиган одамнинг махсус кийими бўлиб, икки бўлакдан иборатдир. Улардан бирини белга тиззаларни ёпадиган қилиб боғланади, иккинчисини елкага ташланади. Эҳром боғланганидан сўнг талбия айтиш бошланади. Талбия қуйидагидек айтилади:

«Лаббайкал-лоҳумма, лаббайк! Лаббайка ла шарийка лака лаббайк! Иннал-ҳамда ван-неъмата лака вал-мулк, ла шарийка лак!» (Илоҳим, Сенинг амрларингга мунтазирман, мунтазирман ва Сенинг шерикларинг йўқдир! Дарҳақиқат, ҳамду-неъматлар ва эгадорлик сенгагина хосдир! Сенинг шеригинг йўқдир!).

 

 

Ҳаж ва умра турлари

1.     Фақатгина умра..

Мийқотда эҳром боғланар экан «Лаббайкалло-ҳумма умратан» деб умрага ният қилинади. Умра қи-линганидан сўнг, эҳромларни ечилади. Умра «тамат-туъ ҳажжи» (ҳаж сафари асносида умра қилиш) билан ҳам қилинади. Бунда умрани қилиб, эҳромдан чиқил-ганидан сўнг, ҳаж учун алоҳида эҳром боғланади.


2.     Қирон – ҳаж ва умрани бир боғланган эҳром билан қилиш.

Эҳром боғлаш асносида: «Лаббайка умратан ва ҳажжан» дейилади ва умрани қилинганидан сўнг, ҳаж ибодатини адо этилгунига қадар шу эҳромдан чиқил-майди.

3.     Ифрод – ёлғизгина ҳаж қилиш.

Ифрод ниятидаги одам мийқотдан ёлғиз ҳажниги-на қасд қилади ва эҳром кияр экан: «Лаббайкалло-ҳумма ҳажжатан», дейди.

 

Эҳром кийилганидан сўнг ҳаром бўлган нарсалар:

1.     Соч ва бадандаги бирон бир тукни сабабсиз олиш.

Агар тук са сочлар ўзлари тўкилса зарари йўқ.

2.     Тирноқларни олиш.

Агар тирноқлар синса ёки ўзи тушса, зарари йўқ.

3.     Эркаклар бош ва юзларини бирон нарса билан ўрашлари.

Салла ва бош кийими кийиш ҳам шу ҳукмдадир. Бироқ, шамсия (соябон) ишлатишнинг бирон бир монеълиги йўқдир.

4.     Эркаклар шим, кўйлак, қўлқоп, пайпоқ каби тикилган, шунингдек хушбўй бўлган кийимларни кийишлари.

5.     Эҳромга киргандан кейин қасддан хушбўй нар-салар аралаштирилган нарсаларни еб-ичиш ёки хуш-бўй нарсаларни суриш.

6.     Ов ҳайвонларини ўлдириш ва овлаш.

7.     Никоҳига олиш ёки никоҳига ўтиш.

8.     Жинсий алоқа қилиш.

9.     Хотинини қучоқлаш, ўпиш ва жимоъдан таш-қари яқинлик қилиш.

Мазкур ҳаром ишларни билиб қилган кишилар фидя беришлари шарт бўлади.

 

 

Эҳром кийган одамга мубоҳ (рухсатли) бўлган нарсалар

Эҳром боғлаган одам қуйидаги амалларни қилиши мумкин:

1.     Оёқ тўпиқларидан паст бўлган оёқ кийимлари-ни кийиш.

2.     Салқинлаш мақсадида ғусл қилиш.

3.     Эҳроми кир бўлса ювиш ёки бошқа эҳромга ал-маштириш.

4.     Кўзойнак тақиш.

5.     Қўл соати тақиш.

6.     Қон олдириш.

7.     Соябон, дарахт, бино ёки машина сояларидан фойдаланиш.


8.     Белига камар, белбоғ ёки ҳамён боғлаш.

9.     Зарарли бўлган ҳашаротлар, қутурган ит ва қушларни ўлдириш.

10.  Хотин-қизлар шариатда изн берилган шаклда-ги ҳар қандай кийимни кийишлари.

 

Ҳажнинг рукнлари

Ҳажнинг рукнлари соғлом қарашларга кўра тўрттадир:

1.     Эҳром.

Эҳром – ибодатни бошлашга ният, демакдир. Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Амаллар ниятларга қарабдир...»(«Фатҳул-Борий»: 1/ 9; Имом Муслим: 3/ 1515).

2.     Арафот майдонида туриш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаж – Арафотдир», дедилар (Албоний, «Ирваул-ғалил»: 4/ 256).

3.     Ифоза тавофи.

Аллоҳ таоло: «Сўнгра “Эски Уйни” тавоф қил-синлар», деди (Ҳаж: 22, 29).

4.     Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъй қилиш (ҳаракатланиш).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саъй қилингиз! Чунки Аллоҳ сизларга саъй қилишни фарз қилди», дедилар (Аллома Албоний,«Ирваул-ғалил»: 4/ 269; Имом Аҳмад, «ал-Муснад»: 6/ 421).

Оиша разияллоху анҳо: «Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилма-ган одамнинг ҳажини Аллоҳ комил ўлароқ қабул қилмас», деди («Фатҳул-Борий»: 3/ 497; Имом Муслим, 2/ 928).

 

Ҳажнинг вожиблари

1.     Мийқотда эҳром боғлаш

2.     Арафотда Қуёш ботгунига қадар туриш.

Арафотда пешин намози вақтидан то Қуёш бот-гунига қадар ибодат ва дуолар билан машғул бўлиш керак.

3.     Кечани Муздалифа водийсида ўтказиш.

4.     Ташриқ кунларида Минода тунаш.

5.     Тошларни жамра (тош отиладиган ер) ларга тартиб билан отиш.

6.     Сочларни кисқартириш ёки устарада олдириш.

7.     Видолашув тавофи.

 

 

Умранинг рукнлари


1.     Эҳром.

2.     Тавоф.

3.     Саъй.

 

Умранинг вожиблари

1.     Масжидул-Ҳаром ҳудудларидан ташқарида эҳ-ром боғлаш.

2.     Сочларни қисқартириш ёки устара билан қириш.

 

Байтуллоҳни тавоф қилиш

1.     Умра ёки ҳаж ибодатини адо этиш учун Байтуллоҳга келган одам тавофни бошлашдан аввал талбияни тўхтатади ва имкони борича одамларга озор бермасликка ҳаракат қилади. (Ҳажарул-Асвад» (Қора Тош)ни қўли, ҳассаси билан силайди ёки қўлини Ҳажарул-Асвад томонга узатиб: «Аллоҳу Акбар», дейди.

2.     Байтуллоҳни чап тарафига олиб, тавофнинг бошланишида: «Аллоҳим, Сенга иймон келтириб, Китобингни тасдиқлаб, аҳдингга вафо қилиб ва пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига эргашиб (тавофимни бошлайман),  дейди (Байҳақий: 5/ 79; Абдурраззоқ, «ал-Мусаннаф»: 5/ 33; Ибн Таймийя, «Фатволар»: 27/ 120)

3.     Эркаклар тавофнинг биринчи учтасида енгил югуриб тавоф қиладилар.

4.     Эркаклар биринчи тавофда ўнг елкаси очиқ ва чап елкаси ўралган ҳолатида тавоф қилади.

5.     Рукнул-ямонийнинг рўпарасига келингани пайт уни қўл билан силанади. Рукнул-ямоний билан Ҳажарул-Асвад ўртасида: «Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил-ахирати ҳасанатан ва қина азабан-нар» (Роббимиз, бизларга бу дунёда ҳам, охиратда хам яхшиликлар бер!)- деб дуо қилинади.

6.     Ҳажарул-Асвад олдига келганда, уни силанади ёки ўпилади. Агар буларнинг имкони бўлмаса, Ҳажа-рул-Асвад қаршисига келганда унга ўнг қўл билан ишора қилиб, бир марта такбир айтилади.

7.     Еттинчи тавофни қилинганидан сўнг эҳромларни тузатилиб, уларни елкаларга ташланиб, Иброҳим алайҳиссаломнинг мақомига борилади ва унинг орқасида икки ракаат намоз ўқилади. Агар у ерда намоз ўкишнинг имкони бўлмаса, масжиднинг ҳар бир ерида ўқилса хам бўлаверади. Намознинг биринчи ракаатига «Кофирун», иккинчи ракаатига «Ихлос» сураларини зам сура қилиб ўқиш муста-ҳабдир.


8.     Замзам қудуғига бориб сув ичилади ва бошдан сув қуйилади. Бу – мустаҳабдир.

9.     Агар имкони бўлса, такрор Ҳажарул-Асвад ол-дига бориб, уни силаш ёки ўпиш мустаҳабдир.

 

Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъй қилиш

Хожи ёки умра қилаётган одам Байтуллоҳни тавоф қилганидан сўнг, Сафо тепалиги томон юради. Сафога яқинлашгани замон:

(إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ فَمَنْ حَجَّ الْبَيْتَ أَوِ اعْتَمَرَ فَلا جُنَاحَ عَلَيْهِ أَنْ يَطَّوَّفَ بِهِمَا وَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْراً فَإِنَّ اللَّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ) (البقرة:158)

 

«Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маросимлардандир. Бас, ким ҳаж ёки умра қилса, у икки тоғ орасида саъй қилишининг гуноҳи йўқдир. Ва ким ўз ихтиёрила яхшиликии ният қилса, бас, албатта Аллоҳ шукр қилгувчи (тақдирловчи) ва билгувчидир» (Бақара: 158) оятини ўқийди ва: «Аллоҳ бошлаган нарса билан бошлай-ман», дейди

2. Байтуллоҳни кўрадиган даражада Сафо устига чиқади ва:

«Аллоҳу Акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллал-лоҳу ваҳдаху ла шарика лаҳ. Лаҳул-мулку ва ла-ҳул-ҳамду, юҳйий ва юмийту ва ҳува ала кулли шайъин қодир. Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ, анжаза ваъдаҳу ва насара абдаҳу ва ҳазамал-аҳзоба ваҳдаҳ» (Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар! Ёлғиз шериксиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Эгадорлик ва мақтовлар Унгагина хосдир. У ўлдиради ва тирилтиради. Ҳолбуки, У барча нарсага қодирдир. Ягона шериксиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. У ваъдасига вафо қилди, бандасига ёрдам берди ва ўзи душман гуруҳларини мағлуб этди», дейди ва қўллар-ни кўтариб, имкони борича дуо қилади.

3. Сўнгра, Сафодан тушиб, Марва томон юра бошлайди. Яшил чироқлар қўйилган ерга келганида имкони борича тез югуради. Бироқ, югуриш асносида бошқаларга зарар бермайди. Яшил чироқлар қўйилган ердан ўтганидан сўнг, одатдагидек юради ва Марва тепасига чиқади ҳамда Сафо устида қилган ишларни қилади.


4. Марвадан Сафо томон кетар экан, саъй асносида хоҳлаган зикр ва дуоларни қилиши мумкин. Яшил чироқлар қўйилган ерда  тезроқ югуради. Мар-ванинг устига чиқиб, яна дуо ва зикрлар қилади.

Саъйни таҳоратсиз қилинса ҳам бўлаверади. Сафодан Марвага бориш бир саноқ, Марвадан Сафога қайтиш бошқа бир саноқдир.

5. Сафодан бошланиб, еттинчи саъй Марвада тугайди. Ундан сўнг, сочларни ё қисқартирилади ёки устара билан қирилади. Аёллар сочларини жамлаб унинг учидан бир бармоқ бўғини миқдорида сочлари-дан кесишлари етарлидир.

Юқоридаги ишларни қилган умра ниятидаги одам эҳромини ечади ва умраси тугайди. Ҳаж ниятидаги одам эса, қурбонлиги бўғизланганини билганидан сўнггина эҳромини ечади ва эҳром асносида ҳаром бўлган барча нарсалар унга ҳалол бўлади.

 

*     *     *


MY ISLAM

ISLAMNURI